Ёшга доир пенсия

Ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади:

а) тегишли орган томонидан берилган ҳарбий хизматни, партизан отрядлари ва қўшилмаларда бўлганликни, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилганликни тасдиқлайдиган маълумотнома;

б) тегишли орган томонидан берилган, идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва кон-қутқарув қисмларидаги хизматни тасдиқлайдиган маълумотнома;

в) банд бўлган шахсга Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ягона ижтимоий тўлов тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома;

г) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаси тиббий-маслаҳат комиссияси (кейинги ўринларда ТМК деб юритилади) томонидан берилган ариза берувчининг боласи 16 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган тиббиёт хулосаси ёки Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (кейинги ўринларда ТМЭК деб юритилади) томонидан берилган парвариш остидаги шахс I гуруҳ ногирони деб тан олинишини тасдиқлайдиган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг тегишли қисми;

е) олий таълим муассасаларида (шу жумладан ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек партия мактабларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар — изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқишни, шу жумладан чет элда ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома;

ж) болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилгандан бошлаб у уч ёшга тўлгунгача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола уч ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома;

з) офицерлар таркибидан бўлган шахслар, прапоршчиклар, мичманлар ва муддатдан ташқари хизмат қилувчи ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари, уларни ишга жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақтни тасдиқлайдиган маълумотнома;

з1 Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома;

и) ариза берувчи уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс ҳисобланишини тасдиқлайдиган ҳужжат;

к) даволаш-профилактика муассасасининг ариза берувчи гипофизар нанизм бемори (лилипут) ёхуд диспропорционал пакана эканлиги тўғрисидаги маълумотномаси;

л) фамилия, исм, ота исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

м) ТМЭКнинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасининг тегишли қисми — меҳнатда ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида I ва II гуруҳлар ногирони бўлган вақт стажга ҳисобланадиган ҳолларда;

н) шунингдек бола 8 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган ТМК томонидан берилган тиббиёт хулосаси, ёки ТМК томонидан берилган ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган касаллик бўйича даволаш-профилактика муассасасида ҳисобда турганлик тўғрисидаги маълумотнома;

о) оқлов ҳукми ёки иш тўхтатилганлиги тўғрисида суднинг ажрими (қарори) ёки прокурор (терговчи)нинг иш тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори, шунингдек олдини олиш чораси сифатида шахсни тергов изоляторияда (турмада) қамоқда сақлаш, қамоқ ёки озодликдан маҳрум этиш шаклида жазони ўташ даври тўғрисида тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномаси, шунингдек реабилитация тўғрисидаги ҳужжатлар (суд органлари, прокуратура органлари, суриштирув ва тергов органларининг оқлов ҳукми чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси ёки реабилитация қилувчи асослар бўйича жиноят иши тўхтатилганлиги тўғрисидаги қарори (ажрими);

п) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномаси;

р) ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасининг асли ёки дубликати.




Тез-тез бериладиган саволлар