Пенсияларни тўлаш

Ишламайдиган пенсионерларга пенсия яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан пенсияни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот ёки пенсионернинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

Тижорат банкининг филиали орқали пенсия оладиган пенсионер ҳар 6 ойда пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига келиш йўли билан ўзининг пенсия суммасини олиш ҳуқуқини тасдиқлаши зарур.

Пенсионер белгиланган муддатда Пенсия жамғармаси бўлимига келмаган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари ўн кун мобайнида:

  • унинг тирик эканлиги;
  • ишга жойлашганлиги;
  • яшаш жойи ўзгарганлиги ёки чет элга кетганлиги;
  • жазони ўташ жойларида эканлиги;
  • кексалар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшаётганлиги ҳолатларини аниқлаш учун пенсионер яшайдиган жойга борадилар.

Олинадиган пенсияга пенсионернинг ҳуқуқи тасдиқланган тақдирда пенсияни тўлаш навбатдаги 6 ойга давом эттирилади.

Пенсионернинг ҳуқуқлари тасдиқланмаган тақдирда, пенсияни тўлаш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тегишли органи вакиллари ва қўшнилар иштирокида Пенсия жамғармаси бўлими ходимлари томонидан тузилган тўланаётган пенсияни тўлашга ва унинг миқдори асосланганлигига таъсир кўрсатувчи ҳолатни тасдиқлайдиган далолатнома асосида тўхтатиб турилади.

Кўрсатиб ўтилган далолатнома асосида Пенсия жамғармаси бўлими пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш (тўхтатиш) ёки унинг миқдорини ўзгартириш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади.

Фахрий унвон учун пенсияга қўшимча тўлов олиш ҳуқуқи пайдо бўлган тақдирда, пенсионер фахрий унвон учун қўшимча тўловни олиш учун пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига ариза беради.

Аризага фахрий унвон бериш тўғрисидаги гувоҳнома илова қилиниши керак.

Фахрий унвонлар учун пенсияга қўшимча тўловлар фахрий унвон берилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси илова қилинган ҳолда ариза берилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб амалга оширилади.

Ишлаб турган пенсионерларга фахрий унвонлар учун қўшимча тўлов иш ҳақи тўлаш билан бир вақтда иш жойи бўйича амалга оширилади.

Пенсионернинг доимий пропискаси бўлмаса ва у фақат вақтинча прописка қилинган бўлса (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олинмаган бўлса), пенсия вақтинчалик прописка (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олиш)нинг амал қиладиган муддати мобайнида тўланади. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга пенсия яшаш ҳужжати амал қиладиган муддат давомида тўланади.

Қариялар ва ногиронларнинг интернат уйларида (пансионатларида) яшовчи ёлғиз пенсионерларга пенсия билан улар таъминоти учун сарф-харажат ўртасидаги фарқ, бироқ тайинланган пенсиянинг камида 10 фоизи ва уруш ногиронларига эса - камида 20 фоизи тўланади. Руҳий беморлар интернат уйларида яшовчи пенсионерларга пенсия тўланмайди.

Пенсионер руҳий беморлар учун даволаш муассасаларида бўлган вақт учун пенсия қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича тўланади.

Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланади.

Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.

Бунда ўтган давр учун тўловлар бир йўла тегишли ойлар учун ҳисоблаб чиқариб қўйилган ва олинмаган пенсиянинг суммаларига мос миқдорда тўланади.

Пенсионерга берилиши керак бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия суммаси мерос таркибига киритилмайди ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига тегишли оила аъзоларига тўланади. Ота-оналар, эри (хотини), шунингдек пенсионер вафот этган кунда у билан бирга яшаган оила аъзолари, агар улар боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаган тақдирда ҳам ушбу суммаларни олиш ҳуқуқига эга.

Пенсионер вафот этган ой учун олинган пенсия суммаси оиланинг кўрсатиб ўтилган аъзоларига унинг вафотигача ушбу ойнинг кунлари учун тўланади.

Оиланинг бир неча аъзолари мурожаат қилган тақдирда, уларга берилиши керак бўлган пенсия суммаси улар ўртасида тенг тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма, унинг учун пенсионер вафот этгандан сўнг олтмиш кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

Агар ишлаб турган пенсионер ишдан бўшаши муносабати билан ўз иш жойи бўйича пенсия суммасини олишга улгурмаса, олинмаган пенсия суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тўланади.

 

Пенсияларни ишончнома орқали тўлаш:

 

Пенсия тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин.

Бунда ишончнома берган шахс пенсия тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига бир йилда камида бир марта келиб тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак. Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган, ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт.

Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғи туфайли Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда пенсионер Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслигини, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.

Ишончнома пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмасида сақланади. Бунда пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмаси ишонч билдирилган шахс томонидан ишончнома тақдим этилган санадан бошлаб ўн кун муддатда Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотнинг бўлинмасининг асосий муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган ишончнома нусхасини юбориши шарт.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бошланганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига ўз вақтида хабар берилмаслиги муносабати билан пенсиянинг ноқонуний суммаси пенсионер ёки қонуний вакил (ота-она), шунингдек ишонч билдирилган (пенсионернинг вафоти ҳолати қасддан яширилган тақдирда) томонидан қайтарилиши керак




Тез-тез бериладиган саволлар