Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан 2019 йил 1 августдан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари моддий қўллаб-қувватланади

Мамлакатимизда аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириб бориш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини янада ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароит яратиш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш сиёсати босқичма-босқич олиб борилмоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Ушбу сайи харакатлар давоми сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 июлда имзоланган Фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 августдан пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг миқдори 1,1 бараварга оширилиши натижасида 3,5 млн. нафардан ортиқ пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг моддий таъминоти янада яхшиланади.

Шунингдек, Фармонда 2019 йил 1 августдан бошлаб ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга, шу жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан:
II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсияси энг кам миқдорини белгилашга нисбатан ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилди. Янги тартибга мувофиқ II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар пенсиясининг энг кам миқдори ҳозирги ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади. Ушбу ўзгартириш қарийиб 50 минг нафарга яқин ногиринлиги бўлган шахсларнинг пенсия миқдорини ўртача 145 фоизга оширишни таъминлайди.

II-гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори ҳозирги энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилди. Яъни, ҳар ойлик пенсияси миқдорига яна қўшимча равишда 55,8 минг сўм қўшилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, шу вақтга қадар пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган нафақа олувчиларининг нафақа миқдорларига қўшимчалар умуман белгиланмаган бўлиб, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб илк бор I-гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчи, шу жумладан 16 ёшдан катта болаликдан I-гуруҳ ногиронларига, 23 мингдан ортиқ шахсларга энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида, яъни 55 750 сўм миқдорда ойлик қўшимча тўловлар жорий қилинади.

Боқувчисини йўқотганлик нафақалари оила аъзоларининг сонига нисбатан амалдаги фоиз ҳисобида ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Масалан, ҳозирги кунда икки нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси учун ҳар ойда 182,5 минг сўм нафақа олаётган оила, жорий йил августдан бошлаб ҳар ойда 327,1 минг сўм ёки 144,6 минг сўмдан (79,2%) кўп нафақа олишади.

Мазкур тадбирлар натижасида республикамиз бўйича 100 мингдан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланадилар. 

Пенсия жамғармаси матбуот хизмати

 




Тез-тез бериладиган саволлар