Сайёр қабул - пенсия ва нафақа олувчилар билан мулоқотнинг энг самарали усули

Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Бектемир туман ҳокимияти мажлислар залида сайёр қабул ўтказилди. Унда Бектемир туман фуқаролари, МФЙ раислари, корхона ва ташкилот фаоллари ҳамда туманда истиқомат қилувчи 40 нафарга яқин фуқаролар иштирок этишди.

Пенсия жамғармаси мутахассислари томонидан соҳага оид янгиликлар, тизимга доир  қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, уларга киритилган ўзгартиришлар хусусида  маълумот берилди. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимига замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини соддалаштириш ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш  мақсадида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, ёшга доир пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажи ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиблари хусусида ҳам тушунтиришлар берилди.

Қабул давомида мутахассислар томонидан иштирокчиларнинг соҳага оид қизиқтираётган ёшга доир, ногиронлик ва боқувчини йўқотганлик пенсияларнинг  тайинланиши, хужжатларнинг соддалаштирилгани, ижтимоий нафақалар берилиш тартиби юзасидан саволларига батафсил жавоблар берилди. Айрим фуқароларнинг пенсияга чиқишларидаги дуч келаётган муаммолари аксарияти шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Ҳар бир мурожаатларга батафсил тушунтиришлар берилиб, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожатлар юзасидан масъул ходимларга топшириқлар берилди.

Маълумот учун, Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг навбатдаги сайёр қабули 20 февраль куни Мирзо Улуғбек туманида ўтказилади.

 

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар