Пенсия жамғармаси тизимига 2020 йил январь ойида келиб тушган мурожаатлар таҳлили

Бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга қаратилаётган эътибор аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли равишда таъминлашга асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан пенсия таъминотига оид масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Пенсия жамғармаси томонидан мазкур мурожаатларни Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ўз вақтида ҳамда сифатли ижро этилиши қатъий назоратга олинган.

Шу ўринда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимига 2020 йил январь ойи давомида жами 2 151 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан: 188 таси (9%) Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига, 1 152 таси (53%) жамғарманинг ҳудудий бошқармаларига, 811 таси (38%) туман (шаҳар) бўлимларига келиб тушган.

Жорий йилнинг январь ойида мурожаатларни кўриб чиқиш натижасига кўра, ижобий ечимини топганлар ҳамда ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали қаноатлантирилганлар сони 126 тадан иборат, 1 973 та мурожаат бўйича умумий тушунтиришлар берилган, 18 таси тегишлилиги бўйича ваколатли ташкилотларга юборилган, 34 та мурожаат ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Келиб тушган мурожаатларнинг 993 (46%) таси пенсия миқдорини кўриб чиқиш ва уни миқдорини ошириб бериш масаласидаги мурожаатлар бўлиб, қолган мурожаатлар қуйидаги йўналишлар бўйича тавсифланади:

- пенсия ёки нафақани тайинлаш масаласида (пенсия ёки нафақага ҳуқуқи мавжудлиги) 576 (27 %) та;

- пенсия ва нафақаларни тўлови масаласида 157 (7%) та;

- пенсия миқдоридан аниқланган ортиқча тўловлар масаласида 127 (6%) та;

- пенсия тайинлашда иш стажини ҳисобга олиш масаласида 114 (5%) та;

-  имтиёзли пенсияларни тайинлаш масаласида 75 (3%) та;

- фуқаролардан келиб тушган таклифлар ва бошқа масалаларда 109 (5%) та.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 5 нафар жамғарма ходимларига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси кўрилган.

Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Сирдарё вилояти 294 та (13,7%), Тошкент шаҳри 293 та (13,6%) ва Тошкент вилояти 206 та (9,6 %) ни ташкил қилган.

Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларининг сайёр учрашувлар ўтказиш бўйича тасдиқланган режа-графикларига асосан жойларда сайёр учрашувлар ўтказилмоқда. Бу тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4546-сон, 2019 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4555-сон Қарорларининг, мазмун-моҳияти ҳамда пенсия қонунчилигидаги ўзгаришлар, давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлов жараёнидаги муаммоларнинг ечими тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар