Ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинлашда қандай имтиёзлар мавжуд?

Бугунги кунда республикада 382,6 минг нафар (2020 йил 1 январь ҳолатига) фуқаро ногиронлик пенсияси билан таъминлаб келинмоқда.

Мамлакатимизда туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган фуқароларнинг ижтимоий таъминотига алоҳида аҳамият қаратилиб, ногиронлиги бўлган шахслар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Бунга пенсия тайинлаш жараёнига хам гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, ногиронлик пенсиялари Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти» тўғрисидаги қонунига кўра, I ва II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахсларга:

  • меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиялари иш стажидан қатъи назар;
  • умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиялари ногиронлик бошланган пайтга қадар иш стажига эга бўлган тақдирда тайинланади. 

 

Ёш

Иш стажи

23 ёшга қадар

2

23 ёшдан 26 ёшга қадар

3

26 ёшдан 31 ёшга қадар

5

31 ёшдан 36 ёшга қадар

7

36 ёшдан 41 ёшга қадар

9

41 ёшдан 46 ёшга қадар

11

46 ёшдан 51 ёшга қадар

14

51 ёшдан 56 ёшга қадар

17

56 ёш ва ундан ошганда

20

 

*Меҳнатда майибланганда ёки касб касаллигига учраганда бериладиган ногиронлик пенсиясидан умумий касаллик туфайли бериладиган ногиронлик пенсиясига ўтказилганда зарур стаж ногиронлик дастлаб белгиланган вақтдаги ёшга қараб аниқланади.

Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган умумий касаллик оқибатидаги I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳисоблаб чиқарилган пенсияларига қуйидагича устама ҳақлар қўшиб ҳисобланади:

а) I гуруҳ уруш ногиронларига — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 150 фоизи;

б) II гуруҳ уруш ногиронларига — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 125 фоизи;

г) кўзи ожизлик бўйича I гуруҳ ногиронларига — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизи;

д) I гуруҳ ногиронларига — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг
75 фоизи;

е) II гуруҳ ёлғиз ногиронларига — пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 75 фоизи.

1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари олувчилари ҳисобланади. Унинг миқдори – 119 305 сўм.

Шунингдек, кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ  ногиронларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида ойлик компенсация пул тўловлари тўланади. Унинг миқдори бугунги кунда - 107 374,50 сўм.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозим, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун ногиронлиги бўйича нафақа, болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болаларга белгиланган энг кам ёшга доир пенсиянинг миқдоридан кам пенсия олувчи ҳар бир пенсия олувчига ҳар ойлик пул компенсацияси — 50 минг сўм миқдорида тўланиб келинмоқда.

 

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар