Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари учун фахрий унвон эгаларига тўловлар қандай ва қанча миқдорда амалга оширилади?

Мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш, халқимизнинг маданияти ва маънавиятини юксалтиришга, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга катта ҳисса қўшиб келаётган шахслар давлатимиз томонидан фахрий унвонлар билан тақдирланиб келинмоқда. Ўз навбатида фахрий унвон эгаларига ҳар ойлик қўшимча тўловлар ҳам тўланади.

Амалдаги «Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига мувофиқ, «Халқ» ва «Хизмат кўрсатган арбоб» фахрий унвонлари эгаларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида, «Хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони эгаларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,8 баравари миқдорида;, «Хизмат кўрсатган» фахрий унвони эгаларига (қолган касблар бўйича) базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,6 баравари миқдорида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари фахрий унвонлар учун тўловларни олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Фахрий унвонлар учун ҳар ойлик тўловлар:

бюджет ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларга — тегишли бюджетлар ҳисобидан;

хўжалик ҳисобидаги хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларга — хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз маблағлари ҳисобидан;

ишламаётган пенсионерларга — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан яшаш жойидаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари орқали тўланади.

Бир неча фахрий унвонларга эга бўлган шахсларга тўлов тўловнинг энг кўп миқдори назарда тутилган фақат битта фахрий унвон учун тўланади.

Фахрий унвон учун тўловни тайинлаш қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда амалга оширилади:

  • фахрий унвон бериш тўғрисидаги гувоҳнома, шунингдек унинг нусхаси;
  • фахрий унвон учун тўловни амалга оширишга берилган ариза;
  • ариза берувчининг паспорти (ёки шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат — ҳарбий хизматчилар учун), шунингдек унинг нусхаси.

Фахрий унвон бериш тўғрисидаги гувоҳнома ва ариза берувчининг паспорти (ёки шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат) тақдим этилган ҳужжатлар текширилгандан сўнг эгасига қайтарилади.

Маълумот ўрнида: 2020 йил 1 январь ҳолатига Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида турган, ишламаётган фахрий унвон эгалари сони 3 641 нафарни ташкил қилади. 

 

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар