Деҳқон хўжалиги аъзоларига

Деҳқон хўжалиги аъзолари (қорамол боқиш ва чорвачилик маҳсулотлари этиштириш билан банд бўлган деҳқон хўжаликлари аъзолари бундан мустасно) ихтиёрийлик асосида ижтимоий суғурта қилинади.

 

Ижтимоий суғурталаниш хоҳишини билдирган деҳқон хўжалиги аъзоси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига бадал тўловчи сифатида давлат солиқ хизмати органларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши шарт.

Деҳқон хўжалиги аъзоси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Деҳқон хўжалиги аъзосининг пенсия олишга бўлган ҳуқуқи у пенсия ёшига тўлганда ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда бошланади.

Ижтимоий суғурта бўйича нафақа, агар ушбу нафақани олиш ҳуқуқи деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш даврида бошланган бўлса берилади.

Деҳқон хўжалиги аъзоси ўзидаги мавжуд имкониятлардан ва пенсия билан таъминланиш ва ижтимоий суғурта бўйича нафақанинг ўзи истайдиган миқдоридан келиб чиқиб бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда белгилайди.

Тайинланадиган пенсия, шунингдек ижтимоий суғурта бўйича нафақа миқдори бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадаллари миқдорига ҳамда деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажига боғлиқ бўлади.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалларининг энг кам миқдори бир йилда энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт ярим баробаридан кам бўлмаган миқдорни ташкил этиши керак.

Суғурта бадаллари ҳисобот йилининг 1 октябрига қадар тўланади. Бунда суғурта бадаллари миқдори тўлов кунига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Деҳқон хўжалиги аъзосининг меҳнат стажига у бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган даврлар киритилади.

Пенсия ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш учун меҳнат стажини ҳисоблаб чиқишда, агар деҳқон хўжалиги аъзоси ушбу йилда 12 ой ишлаган ва камида 9 ой бадал тўлаган бўлса, стажга календар йил қўшилади.

Бошқа ҳолларда стаж суғурта бадаллари тўланган ойлар сонига мутаносиб тарзда ҳисобга олинади.

Деҳқон хўжалиги аъзосининг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланишидан қатъи назар пенсия ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш учун меҳнат стажига қўшилади.

Деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан суғурта бадаллари тўланиши ва унинг қанча давом этганлиги гувоҳлик кўрсатмалари билан тасдиқланмайди.

Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой учун деҳқон хўжалиги аъзосининг даромади тўланган ойлик суғурта бадали суммасини иш берувчилар ва ходимлар учун суғурта бадаллари ажратишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган жами фоизига бўлиш ва олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Пенсия ва ижтимоий суғурта бўйича нафақа деҳқон хўжалиги аъзосининг яшаш жойидаги Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайинланади.

Тез-тез бериладиган саволлар