Пенсия тайинлаш учун ҳужжатлар

Ташкилот маъмурияти ҳар йили декабр ойида шахсий варақчалар ва меҳнат дафтарчалари асосида кейинги йилда ҳам умумий, ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ходимлар бўйича пенсия тайинлаш учун зарур бўладиган ҳужжатларни дастлабки тайёрлаш ишларини амалга оширади. Зарур бўлганда ташкилот маъмурияти этишмаётган ҳужжатларни сўраб олиш чораларини кўриши керак.

Ташкилот маъмурияти тўпланган барча ҳужжатлар асосида пенсия тайинлаш учун тақдимномани расмийлаштиради.

Ходим пенсия тайинлаш тўғрисида ариза берган тақдирда, ташкилот маъмурияти мазкур ариза рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида зарур ҳужжатларни ва тақдимномани тўлиқ расмийлаштиради ва ариза берувчини улар билан (тақдимномага имзо қўйдирган ҳолда) таништиради.

Агар пенсияга ҳуқуқи бўлган шахс ишловчи бўлмаса, пенсия тайинлаш учун ариза у томонидан у яшаб турган Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Ҳужжатлар ва тақдимнома ходимнинг аризаси билан бирга ариза берувчининг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади. Ташкилот маъмурияти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тўплай олмаган ҳолларда, Пенсия жамғармаси бўлимига бор ҳужжатлар топширилади.

Барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза қабул қилинган кун пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади.

Агар ариза почта орқали юборилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар ҳам илова қилинган бўлса, ушбу аризани жўнатишнинг почта штемпелида кўрсатилган санаси пенсия сўраб мурожаат этилган кун ҳисобланади.

Аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда, Пенсия жамғармаси бўлими қўшимча яна қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлигини ташкилот маъмуриятига ёки ариза берувчига маълум қилади. Агар улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса, пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза қабул қилинган кун пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосланганлиги ва ишончлилиги учун шубҳа пайдо бўлган тақдирда, Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Текшириш тасдиқловчи ҳужжатларни берган ташкилотда ёки архивда амалга оширилади. Текшириш натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади, у текширувчининг ва ташкилот ёки архив мансабдор шахсининг имзоси, шунингдек ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади. Далолатноманинг бир нусхаси ташкилот ёки архивда, иккинчи нусхаси Пенсия жамғармаси бўлимида қолади. Далолатномада тасдиқловчи ҳужжатларнинг ким томонидан берилганлиги ва текшириш вақтида ҳужжатларнинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумот мажбурий тартибда кўрсатилади.

Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлаш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш тўғрисида қарор чиқарган ҳолларда, текшириш тамом бўлиш муддатидан қатъи назар, пенсия тайинлаш учун дастлаб мурожаат қилинган сана пенсия тайинлаш учун мурожаат қилинган сана ҳисобланади.

Тез-тез бериладиган саволлар