Пенсия жамғармаси тарихи

Давлатимизда биринчи марта Ўзбекистон ССР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 14 январдаги 9-сонли қарори билан СССР Пенсия жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси бўлими ташкил қилинган.

Ижтимоий суғурта маблағларидан самарали ва тўғри фойдаланилиши юзасидан назоратни кучайтириш, шунингдек ижтимоий таъминот соҳасида давлат кафолатини таъминлаш мақсадида Республика Вазирлар Маҳкамаси ва Касаба уюшмалари федерацияси Республика кенгашининг 1993 йил 4 августдаги 391-сонли қарори билан собиқ СССР Пенсия жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси бўлими базасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил қилинди ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши тизимидан вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича, фарзанд туғилганда, дафн этишга бериладиган нафақаларни тўлашга йўналтириладиган давлат ижтимоий суғурта маблағлари берилиши белгиланди.

Мазкур ишларнинг давоми сифатида, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, давлат ижтимоий суғурта йўналиши бўйича пенсия ва нафақаларни тўлаш учун харажатларни ўз вақтида молиялаштириш ва пенсия таъминоти соҳасидаги мажбурий бадалларни тўлиқ ундирилишини таъминлашда ижтимоий таъминот органлари масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 27 декабрдаги 459-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ижтимоий суғурта жамғармаси базасида Қорақолпоғистон Республикаси ижтимоий таъминот вазирлиги ва маҳаллий ижтимоий таъминот органлари қошида мувофиқ равишда ҳудудий бўлим ва бўлинмалар тузиш орқали Ўзбекистон Республикаси ижтимоий таъминот вазирлиги ҳузурида Пенсия жамғармаси ташкил қилинди.

Пенсия ва нафақаларни тўлашга йўналтирилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 15 ноябрдаги 444-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси ижтимоий таъминот вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига айлантирилди. Бунинг билан давлат ижтимоий суғурта йўналиши бўйича пенсия ва нафақалар тўлаш учун харажатларни ўз вақтида молиялаштириш ва уларни ўз муддатларида ҳисоблаш ва тўланишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги зиммасига юклатилди.

Пенсия жамғармасига ажратмалардан самарали ва қатъий ўз йўналиши бўйича фойдаланилишини таъминлаш ва бу юзадан назорат ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2004 йил 21 октябрдаги 490-сонли қарори билан 2005 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига айлантирилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат Пенсия таъминоти тўғрисида” ги қонунига мувофиқ, шунингдек пенсия таъминоти тизими тузилмасини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва ижтимоий нафақалар учун тўловларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ва тўлашни амалга ошириш ҳамда Республика фуқароларининг пенсия таъминотига йўналтирилган маблағларини мақсадли сарфланишида назоратни кучайтириш мақсадида Республика Президентининг юқорида қайд қилинган фармони билан 2010 йил 1 январдан бошлаб пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, молиялаштириш, пенсия, шунингдек ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловлар ҳисоби ва бу юзадан мониторинг юритиш бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмаларини ташкил қилиш, фуқароларнинг врачлик меҳнат-экспертизаси ва пенсия таъминотининг барча комплекс масалаларига масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимига кирувчи мувофиқ тузилмаларнинг хизмат вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш ҳисобига амалга оширилди.

Тез-тез бериладиган саволлар