Чет элда ишлаганларга

Чет элда ишланган даврлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёлланма (битим) асосда чет элда ишлаганлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар меҳнат дафтарчасига киритган қайдномаларга қараб аниқланади.

Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иши Ўзбекистон Республикасида ишланганига тўғри келадиган стажнинг 1/3 ҳиссасидан ошмаган миқдорда стажга қўшилади.

Чет элда ишлаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг пенсиясини ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадалларининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига «Чет элда ишлаётган ўзбекистон республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан ўзбекистон республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» асосан чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ихтиёрий равишда тўлайди.

Чет элда ёлланган ҳолда ишлаган шахс Ўзбекистон Республикасига келгандан сўнг ваколатли орган томонидан келганидан кейин уч кун муддатда паспортидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) асосида Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш ва меҳнат дафтарчасига тегишли ёзувларни киритиш учун асос ҳисобланадиган белгиланган шаклдаги чет эл давлати ва у ерда бўлган вақти тўғрисида маълумотнома берилади.

Чет элда бўлиш даври, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида ҳам тасдиқланиши мумкин.

7. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда СТИР деб аталади) мавжуд бўлмаганда чет элга ишлашга кетаётган шахс солиқ тўловчи сифатида унга СТИР расмийлаштирилиши билан биргаликда доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилиши шарт.

8. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ ҳар ой учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгилаши мумкин.

9. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан суғурта бадалларини тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:

ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

бир йўла — Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч ой мобайнида.

Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда суғурта бадали тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана суғурта бадали тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилия, исм, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

10. Миллий валютадаги суғурта бадаллари чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.

Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисоб рақамларига амалга оширилиши мумкин ва тўлов санасига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.

11. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган тақдирда, Пенсия жамғармасининг тегишли бўлими томонидан меҳнат дафтарчасига ёзувлар киритилмайди.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлашни тўхтатиб турганда, пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажи ҳисоби Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган сўнгги санадан бошлаб тўхтатиб турилади.

Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари миқдори суғурта бадалларининг белгиланган миқдоридан кам бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш учун олинадиган тегишли давр учун иш стажи зарур маблағларни қўшимча киритиш шарти билан ҳисобга олинади.

Тез-тез бериладиган саволлар