Пенсия ҳисоблаш учун олинадиган иш ҳаққи

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган иш ҳақи ўтган йиллардаги иш ҳақларини пенсия тайинланадиган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақини иш ҳақининг якка тартибдаги коеффитсиентларини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисида Низомга асосан қайта ҳисоблаб чиқилади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган олтмиш календар ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади

Пенсия сўраб мурожаат этган киши беш йилдан кам ишлаган ҳолларда, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи ишланган календар ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини шу ойлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади.

Мавсумий ишларда банд бўлган ходимларга пенсиялар тайинлашда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи исталган кетма-кет беш мавсумдаги қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади.

Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан оз бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар умуман мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан олинади.

Иш ҳақини гувоҳлар кўрсатмаси асосида аниқлашга йўл қўйилмайди. Лавозим маошлари штат жадвалидан кўчирмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолик билетлари ҳақиқий иш ҳақини тасдиқлайдиган ҳужжат ўрнини боса олмайди. Иш ҳақи тўғрисида архив маълумотлари мавжуд бўлмаганда, иш ҳақи миқдорини аниқлаш 2005 йилдан кейинги давр учун жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек 2015 йилдан кейинги давр учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб амалга оширилади.

Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаган ҳолларда, мавжуд бўлмаган даврлар учун иш ҳақини аниқлаш учун минтақавий коеффитсиент ҳисобга олинмасдан, қонун ҳужжатларида тегишли даврлар учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари қабул қилинади.

Пенсия тайинлаш учун берилган ҳужжатларда ишончсиз маълумотлар аниқланганда ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни бузадиган тузатишлар аниқланганда, Пенсия жамғармаси бўлими пенсия тайинлашгача уларни текшириши ёки қўшимча маълумотлар тақдим этиш ёки иш ҳақи тўғрисида берилган маълумотномаларга тушунтиришлар бериш тўғрисида ёзма сўров юбориши шарт.

Иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тақдим этилмаганлиги ёки уларнинг ишончлилиги ва асослилигини текшириш мумкин эмаслиги муносабати билан иш стажига киритилмаган даврлар, шунингдек иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш даврлари меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллик даври учун иш ҳақини ҳисоблаб чиқишдан чиқариб ташланмайди.

Иш ҳақи таркибига суғурта бадаллари ҳисобланган, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 172-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилади.

Банд бўлган шахснинг иш ҳақи миқдори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари суммасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиларининг, ички ишлар органлари ва божхона органлари оддий ва бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларининг, шунингдек ўқув ёки йўқлама қилиш йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурларнинг иш ҳақи таркибига қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар билан бўлгани сингари пул таъминотининг барча турлари киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет элда ишлаган фуқароларининг пенсиясини ҳисоблаш учун иш ҳақи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари суммасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Тез-тез бериладиган саволлар