Пенсияларни тўхтатилиши (тўхтатиб туриш)

Тайинланган пенсияни тўлаш:

  • пенсионер вафот этганда;
  • тайинланган пенсияга ҳуқуқлар йўқолганда;
  • доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади.

Тайинланган пенсияни тўлаш:

  • пенсия тўлаш муддати тамом бўлганда;
  • кетма-кет уч ойдан ортиқ вақт мобайнида пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали пенсия олинмаганда;
  • пенсионер руҳий беморлар интернат уйларида яшаганда;
  • пенсияни тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида пенсионер томонидан ариза берилганда тўхтатиб турилади.
  • суриштирув, тергов органларидан ва суддан яшириниб юрган, жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидиришга эълон берилганда, бедарак йўқолганда;
  • ишончнома берган шахс унга тайинланган пенсияга ҳуқуқини тасдиқлаш учун белгиланган муддатда келмаганда тўхтатиб турилади.

 

Тайинланган пенсияни тўлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб турилиши мумкин.


Пенсионернинг суд ҳукми бўйича қамоқ жойларида бўлган вақти учун пенсия тўланмайди. Пенсионер озод бўлгандан кейин пенсияни тўлаш Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берилган кундан бошлаб тикланади.


Агар ногирон тайинланган муддатда қайта тиббий кўрикдан ўтиш учун ТМЕКга узрли сабабларсиз келмаса, унга пенсия тўлаш тўхтатиб турилади, у яна ногирон деб эътироф этилган тақдирда тўхтатиб турилган кундан бошлаб, бироқ бир ойдан ортиқ муддатга тикланади.


Узрли сабабга кўра қайта тиббий кўрикдан ўтиш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, пенсияни тўлаш тўлов тўхтатиб турилган кундан бошлаб қайта текшириш кунигача, бироқ, агар ТМЕК уни бу даврда ногирон деб эътироф этса, 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бунда агар қайта текшириш чоғида ногирон ногиронликнинг бошқа гуруҳига (юқорироқ ёки пастроқ гуруҳга) ўтказилган бўлса, у ҳолда кўрсатиб ўтилган вақт учун пенсия олдинги гуруҳ бўйича тўланади.


Агар умумий касаллик оқибатида меҳнат лаёқатини йўқотган ногиронга пенсия тўлаш меҳнат лаёқати тикланганлиги туфайли тўхтатилган бўлса ёки узрли сабабларсиз қайта тиббий кўрикдан ўтишга келмаганлиги оқибатида тўхтатиб турилган бўлса, у ҳолда кейинчалик у ногирон деб эътироф этилган тақдирда илгари тайинланган пенсияни тўлаш, агар пенсия тўлаш тўхтатилгандан кейин беш йилдан кўп бўлмаган вақт ўтган бўлса, ногиронлик янгидан белгиланган кундан бошлаб тикланади. Агар беш йилдан кўп вақт ўтган бўлса, пенсия яна умумий асосларда тикланади.


Пенсия тўлаш тўхтатилишига (тўхтатиб турилишига) ёки тикланишига олиб келадиган ҳолатлар пайдо бўлганда пенсияни тўлаш тегишли ҳолат бошланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўхтатилади (тўхтатиб турилади) ёки тикланади.


Пенсионерга берилиши керак бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия суммаси мерос таркибига киритилмайди ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига тегишли оила аъзоларига тўланади. Ота-оналар, эри (хотини), шунингдек пенсионер вафот этган кунда у билан бирга яшаган оила аъзолари, агар улар боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаган тақдирда ҳам ушбу суммаларни олиш ҳуқуқига эга.


Пенсионер вафот этган ой учун олинган пенсия суммаси оиланинг кўрсатиб ўтилган аъзоларига унинг вафотигача ушбу ойнинг кунлари учун тўланади.


Оиланинг бир неча аъзолари мурожаат қилган тақдирда, уларга берилиши керак бўлган пенсия суммаси улар ўртасида тенг тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма, унинг учун пенсионер вафот этгандан сўнг олтмиш кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

Тез-тез бериладиган саволлар