Яшаш манзилининг ўзгариши

Пенсионер Ўзбекистон Республикаси доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчган тақдирда пенсия ҳужжатлар йиғмажилди почта орқали пенсионернинг янги яшаш жойи бўйича жойлашган Пенсия жамғармаси бўлимига юборилади ёки пенсионернинг қўлига берилади.

Ушбу ҳолатда пенсияни тўлаш пенсия ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин пенсия олувчининг янги яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлими томонидан давом эттирилади. Бунда пенсияни тўлаш олдинги яшаш жойи бўйича пенсияни тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб лекин унинг томонидан ҳисобга қўйиш мақсадида мурожаат этилгандан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун давом эттирилади.

 

Доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетишгача тайинланган пенсия (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлар бундан мустасно) Пенсия жамғармаси бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдори ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ташқарисига жўнаб кетишдан 6 ой аввал Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида тўланади.

Пенсия тўланадиган олти ойлик давр Ўзбекистон Республикаси ташқарисига доимий яшаш учун кетишдан аввалги олти ой учун пенсия тўлаш учун аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги давлатга доимий яшаш учун кетилган кунгача тайинланган пенсия турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўланади.

Олти ой аввал пенсия:

ариза, фуқаронинг шахсини тасдиқлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти асосида, унда «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги ҳамда ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимининг доимий яшаш учун кетиш тўғрисидаги стикери, кетиш варақчаси, шунингдек у бориш ниятида бўлган хорижий давлатнинг визаси (агар бу зарур бўлса) бўлганда - Ўзбекистон Республикаси фуқаросига;

ариза, чет эллик учун истиқомат учун берилган гувоҳнома асосида, унда “Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди” деган белги, шунингдек хорижий давлатнинг визаси (агар бу зарур бўлса) бўлганда - хорижий фуқарога;

ариза, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида, унда «Доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилди» деган белги ҳамда ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимининг доимий яшаш учун кетиш тўғрисидаги стикери, шунингдек у бориш ниятида бўлган хорижий давлатнинг визаси (агар бу зарур бўлса) бўлганда - фуқаролиги бўлмаган шахсга тўланади.

Олти ой аввал пенсия тўлаш почта ўтказмаси билан ёки почта алоқаси ташкилоти орқали бир марталик ведомост асосида, шунингдек тижорат банкининг филиалида пенсионернинг номига очилган банк ҳисоб рақамига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Олти ой аввал тўланган пенсия суммасини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия тўланган даврда пенсиялар миқдорлари ўзгарганлиги муносабати билан қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилмайди.

Агар шахс олти ой аввал пенсия тўлангандан кейин доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига кетмаган тақдирда, унга пенсия тўланган олти ойлик давр тамом бўлгандан кейин пенсияни навбатдаги тўлаш учун мурожаат қилган тақдирда, ушбу Низомнинг 177 ва 178-бандларида кўрсатилган тартибда олти ой аввал яна пенсия тўланиши мумкин.

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини Ўзбекистон Республикаси ташқарисига ўтказиш фуқаронинг ҳар бир йилнинг 31 декабрида тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим этилиши шарти билан амалга оширилади.

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияси қуйидаги ҳужжатлар асосида қайта ҳисоблаб чиқилади:

  • пенсияни ўтказиш тўғрисидаги ариза;
  • шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқарисида доимий яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат;
  • Ўзбекистон Республикасидан доимий яшаш жойига кетиш (бир давлатдан бошқа давлатга кўчиб ўтиш) санаси тўғрисидаги маълумотнома.

Шахснинг Ўзбекистон Республикаси ташқарисидаги доимий яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ёхуд хорижий давлатнинг ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилади.

Бунда хорижий давлатнинг ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилган ҳужжат пенсионернинг доимий яшаш жойидаги давлатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан белгиланган тартибда легализтсия қилиниши керак, бундай муассаса бўлмаган тақдирда эса, пенсионернинг доимий яшаш жойи давлатининг Ташқи ишлар вазирлиги, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон Республикасидаги консуллик муассасаси ёки дипломатик ваколатхонаси томонидан легализтсия қилиниши, кейинчалик, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида тасдиқланиши керак.

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини Ўзбекистон Республикаси ташқарисига ўтказиш фуқаронинг ҳар бир йилнинг 31 декабрида тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига тақдим этилиши шарти билан амалга оширилади.

Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга (18 ёшга тўлмаган болаларга, ака-укаларга, опа-сингилларга ва набираларга) ва суд томонидан белгиланган тартибда ҳуқуқий лаёқатсиз деб эътироф этилган - уларнинг қонуний вакиллари пенсия олувчилар ҳисобланадиган фуқароларга тайинланган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсияларини тўлаш учун фуқаронинг тирик эканлигини тасдиқлайдиган ҳужжат пенсия олувчи учун ва пенсия тайинланган фуқаро учун тақдим этилади.

Бундай ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси, хорижий давлатнинг нотариуси ёхуд ваколатли органи (мансабдор шахси) томонидан берилади.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилади (тўхтатилади).

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини тўлаш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тикланади (қайта тикланади).

Пенсия жамғармаси бўлими меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида ногиронлик пенсиясини шахсга у доимий яшайдиган хорижий давлатнинг банкидаги ёки бошқа молия-кредит муассасасидаги ҳисоб рақамига ўтказишни хорижий валютада амалга оширади, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса.

Пенсия жамғармаси бўлимининг хорижий валютадаги харажатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Ўз валюта маблағлари мавжуд бўлмаган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлимининг хорижий валютани белгиланган тартибда ички валюта бозорида харид қилади

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсиясини ўтказиш чет элга жўнаб кетишдан олдин пенсия тўланган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.

Чет элга ўтказиладиган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсияси суммаси, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг пенсия ҳақидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қайта ҳисоблаб чиқилади.

Пенсия жамғармаси бўлими Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки орқали чет элга ўтказилиши керак бўлган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида тайинланган пенсиялар суммасининг ўз вақтида жўнатилишини таъминлайди. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида тайинланган пенсиялар суммаларини конвертация қилиш ва юбориш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

 

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатидаги ногиронлик пенсияси тайинланган Ўзбекистон Республикаси ташқарисида доимий яшайдиган шахсга ўтган вақт учун олинмаган пенсия суммасини тўлаш тўлов амалга ошириладиган тегишли давр учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган пенсия миқдорларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Тез-тез бериладиган саволлар