Пенсияларни тайинлаш муддатлари

Тақдимнома ёки ариза барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиб олинган кун пенсия учун мурожаат этилган кун деб ҳисобланади.
Тақдимномага ёки аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими корхона, ташкилот маъмуриятига ёки аризачига қўшимча равишда қайси ҳужжатлар тақдим этилиши кераклиги ҳақида хабар қилади. Башарти, улар қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши зарурлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан уч ой ичида тақдим этилса, унда пенсия тайинланиши тўғрисидаги тақдимнома ёки ариза қабул қилинган кун пенсия тайинланиши учун мурожаат этилган кун деб ҳисобланади.

а) ёшга доир пенсия — агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб олтмиш кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади. Ушбу пенсия умрбод тайинланади;

б) ногиронлик пенсияси — агар ногиронлик белгиланган кундан бошлаб олтмиш кун ичида пенсия сўраб мурожаат этилган бўлса, ТМЭК ногиронликни белгилаган кундан эътиборан тайинланади. Ушбу пенсия бутун ногиронлик даври учун тайинланади. 60 ёшдан ошган эркак ва 55 ёшдан ошган аёл ногиронларга — ногиронлик пенсиялари умрбод тайинланади. Ана шу ногиронларни қайта тиббий кўрикдан ўтказиш фақат уларнинг аризасига биноан амалга оширилади;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси — пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, лекин пенсия тайинланиши учун мурожаат этишдан олдинги 6 ойдан ошмаган муддатдан эътиборан тайинланади. Пенсия ушбу Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ марҳумнинг оила аъзоси меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланган бутун давр учун, оиланинг: эркаклар — 60 ёшга, аёллар — 55 ёшга тўлган аъзолари учун эса — умрбод тайинланади.

Бошқа барча ҳолларда пенсия мурожаат этилган кундан эътиборан тайинланади.

Бир пенсиядан бошқасига ўтказиш пенсионер тегишли ариза ва барча зарур ҳужжатлар билан мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга оширилади.

 

Тез-тез бериладиган саволлар