-+
 
     
(GMT+5)
1
0
0
%
февраль ойи учун
молиялаштирилди
Ишонч телефони1271

13

Чет элда ишланган даврлар қуйидаги шартларга кўра меҳнат стажига қўшилади, бундан ушбу банднинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно:

  • 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
  • 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ягона ижтимоий тўлов;
  • 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун — ижтимоий солиқ тўланган тақдирда.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ёлланма (битим) асосда чет элда ишлаганлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган органлар меҳнат дафтарчасига киритган қайдномаларга қараб аниқланади.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг чет элда ишлаган даврини меҳнат стажига киритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс бошқа давлатда ишлаган ҳар бир йил учун Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлайди.

Чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ миқдорини мустақил равишда, бироқ Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорда белгилаши мумкин.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан ижтимоий солиқ тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:

  • ҳар ойда ёки ҳар чоракда;
  • бир йўла — Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.

Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда ижтимоий солиқ тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ижтимоий солиқ тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР (ПИНФЛ) ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

Миллий валютадаги ижтимоий солиқ чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.

Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаш хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисоб рақамларига амалга оширилиши мумкин ва тўлов санасига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.

Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлашни тўхтатиб турганда, пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажи ҳисоби Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган сўнгги санадан бошлаб тўхтатиб турилади.

Пенсия жамғармасига тўланган ижтимоий солиқ миқдори ижтимоий солиқнинг белгиланган миқдоридан кам бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш учун олинадиган тегишли давр учун иш стажи зарур маблағларни қўшимча равишда киритиш шарти билан ҳисобга олинади.

Саралаш: