Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасини бошқаришнинг юқори органи Пенсия жамғармаси Кузатув кенгаши ҳисобланади.
Пенсия жамғармаси Кузатув кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 декабрь 2009 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1252-сон Қарорининг 5 иловасига асосан тасдиқланган ва 2010 йил 1 январдан амалга киритилган.
Пенсия жамғармаси Кузатув кенгаши ваколатларига қуйидагилар киради:
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогноз параметрларини, шунингдек Жамғарма харажатларининг ҳар йилги сметасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
- Жамғарма ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармаларининг амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ва тасдиқлаш;
- вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар масъул ходимларининг Жамғарма ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Жамғармага мажбурий ва бошқа тўловларнинг тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланишини таъминлаш тўғрисидаги ахборотини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг ижро этувчи директорини, унинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш;
- Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш;
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Пенсиялар тайинлаш бўйича туман (шаҳар) бўлими комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш;
- Жамғарманинг ижро этувчи аппарати фаолиятини, айниқса Жамғарма даромадларини шакллантириш, уни ўз вақтида молиялаштириш ва ундан мақсадли фойдаланиш юзасидан назорат қилиш;
- топшириқлар, ведомостлар ва почта ўтказмалари бўйича тўланадиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловлар жўнатилиши ва етказиб берилиши бўйича хизматларга ҳақ тўлаш миқдорларини тасдиқлаш;
- Жамғарма фаолияти ҳамда фуқароларнинг ижтимоий таъминотга ва давлат ижтимоий суғуртасига бўлган давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқлари амалга оширилиши билан боғлиқ бошқа функцияларни амалга ошириш.