11634
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:
- эркаклар-60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;
- аёллар-55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.
Пенсия тайинлаш учун (7-модда) етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг «а»,«б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда (29-модда) тайинланади.
Имтиёзли шартларда ёшга доир пенсиялар олиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 12 майдаги 250-сон қарори билан тасдиқланган имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 1, 2 ва 3-сон рўйхатларига асосан алоҳида тоифадаги фуқаролар эгадирлар:
- 1-сон рўйхат – ёшидан қатъий назар;
- 2-сон рўйхат – умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирган ҳолда;
- 3-сон рўйхат – умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирган ҳолда.
Умумий белгиланган ёшни қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқига, шунингдек:
- “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддасининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар - 1 йилга қисқартирган ҳолда ( эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар);
- уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар ва болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса — иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда. Башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади – 5 йилга қисқартирган ҳолда;
Пенсия олиш ҳуқуқига гипофизар миттилик касалига чалинганлар (лилипутлар) ва гавда тузилишида мутаносиблик бузилган паканалар - 10 йилга қисқартирган ҳолда.:
- эркаклар — иш стажи камида 20 йил бўлганда;
- аёллар — иш стажи камида 15 йил бўлганда эга бўладилар.
Имтиёзли шартларда пенсияларни тайинлаш тартибининг асосий шартлари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 10-13-моддалари акс эттирилган.
Қонун 37-моддасининг “а”, “б”, “в” ва “г” бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.